Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни «Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда таъкидланишича, «сўнгги йилларда дунёда аҳоли ҳаёти ва мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларига жиддий таъсир кўрсатувчи зилзилалар сони ортиб бормоқда».
Янги кўп қаватли биноларни актив сейсмик ҳимолаш
1 июндан бошлаб сейсмик фаол зоналарда МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилади.
1 июлдан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий бўлади.
Шунингдек, 1 июндан янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаш тартиби жорий этилади.
Чўккан ва деформациялар пайдо бўлган объектларни мустаҳкамлаш
Қарорда содир бўлган зилзилалар ва фасллардаги намгарчиликлар таъсиридан чўккан ҳамда деформациялар пайдо бўлган бино ва иншоотларни мустаҳкамлаш ишларига «илғор, замонавий ва хавфсиз ёндашувларни» жорий этиш белгиланган.
Шу мақсадда 1 июлга қадар техник ҳолати қониқарсиз деб топилган мавжуд бино ва иншоотларни «компенсацион инъекция технологияси орқали мустаҳкамлаш ва деформацияни олдинги ҳолатига қайтариш» услуби орқали қайта тиклаш ишлари эксперимент тариқасида амалга оширилади.
Октябрь ойига қадар эксперимент натижалари асосида бино ва иншоотлар пойдеворини мустаҳкамлаш ва деформацияларини бартараф этиш услубини амалиётга тўлиқ жорий этиш чоралари кўрилиши керак.
Назорати сифатини ошириш
Қарорда 1 июлдан бошлаб янги қурилаётган объектларнинг хавф-хатар тоифасини ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий инспекторларнинг иш тажрибасини инобатга олган ҳолда давлат назоратини амалга ошириш ишлари ташкил этиш белгиланган.