Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2023-2024 йиллар вегетация мавсумида сув омборлари лимитлари ва иш режимларидан фойдаланиш якунлари муҳокама қилинди.
Энг муҳим масала Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида 2024 йилги вегетация даври учун мамлакатларнинг сув олиш лимити ва сув омборлари каскадининг прогноз иш режимини тасдиқлаш бўлди.
Ҳозирча комиссия расмий сайтида минтақа давлатлари томонидан далаларни суғориш учун қанча сув олиниши, Орол денгизига қанча сув етказилиши ҳақида маълумот йўқ.
Ҳар йили лимитга кўра Амударё ҳавзасидан сув олиш 56 миллиард куб метрни ташкил этади, шундан 40 миллиард куб метрга яқин сув вегетация даврида – апрелдан октябргача тўғри келади. Келишувга кўра, ўтган йилларда вегетация даврида Тожикистонга 6,9 миллиард куб метр, Ўзбекистонга 16 миллиард, Туркманистонга 15,5 миллиард куб метр сув етказиб берилган
Сирдарё ҳавзасидан ҳар йили сув олиш лимити эса тахминан 11,9 миллиард куб метрни ташкил этади, шундан Тожикистонга 1,9 миллиард куб метр, Ўзбекистонга 8,8 миллиард, Қозоғистонга 920 миллион, Қирғизистонга 270 миллион куб метр сувни ёзги вегетация даврида олиш мумкин.