«Бугун ким сени ҳурмат қилса, отанг учун қиляпти» — Озодбек Назарбеков

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Ботир Қодировнинг Шерали Жўраев ўғиллари билан судлашаётганига муносабат билдирди.


«Бугун ким сени ҳурмат қилса, отанг учун қиляпти»


Айни кунларда ижтимоий тармоқларда хонанда Ботир Қодиров ва Зоҳиршоҳ Жўраев ўртасидаги суд жараёнлари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбековнинг бу борадаги фикрлари кенг тарқала бошлади.


«Нима бўлганда ҳам учта тирранча бир буюк ижодкорни муҳокамага қўйиб, тиригида ҳам, ўлимидан кейин ҳам бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Учта тирранча ўз нафси, мақсади йўлида буюк хилқатга нисбатан бундай қилишлари нотўғри. Бу масалада мени учаласига нисбатан эътирозим бор. Шерали Жўраев устоз санъаткор сифатида бундай муҳокамаларга лойиқ эмасди. Булар эҳтиёт бўлиши керак, биргина қилган иши ёки айтадиган гапи отасига “минус” бўлмаслиги ҳақида ўйлаб кўриши керак. Ҳаммасига айтяпман: “Ҳали обрў топиб, бир нарсани қойиллатган жойларинг йўқ. Бугун ким сени ҳурмат қилса, отанг учун қиляпти”. Шундан фойдаланиб, у инсоннинг лойга чапланишига сабаб бўлиш яхши эмас. Бу муҳокамаларнинг келиб чиқишида учта йигитнинг ҳам айби бор. Мен бунга қаршиман, чунки устоз санъаткор бундай муҳокамаларга қолмаслиги керак. У инсоннинг руҳининг “лой”ланиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак, — дейди Озодбек Назарбеков.


Воқеанинг бошланиши


Аввалроқ маълум бўлишича, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг Инстаграм саҳифасида Ботир Қодировга тегиштириб, ноўрин сўзларни ёзган. Шу сабабли қўшиқчи марҳум санъаткор Шерали Жўраев оиласини судга беришга мажбур бўлган. Бу ҳақда Қодировнинг продюсери Асрор Исахўжаев маълумот берган. Қайд этилишича, Шоҳжаҳон Жўраев бир неча ой аввал Ботир Қодировга ишора қилиб, нотўғри сўзларни ёзган ва ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган.


«Сен бир умр халқим, ватаним деб бировларнинг ғами билан яшаган бечора отангни қабрга қўйганингни ҳазм қилолмай азобланиб, беркиниб йиғлаб юрганингда ва уни соғинганингдан кийган кийимларида қолган ҳидларини ҳидлаб, у инсон билан бир сонияга бўлса ҳам кўришиш учун бутун борлиғингни беришга тайёр турган бир пайтда ўзининг кимлиги-ю кимданлигини билмай ўзидан ҳам шубҳаланиб юрган, ҳаётини фақат пиар учун, бировларнинг эътиборини маддоҳлик қилиб, сохталик билан қозониш учун ва энг асосийси бир пайтлар (кимлиги аниқ бўлгач, маълум бир вақтгача) нон бериб мардлик қилган, сени қабр ичида ётган отангни омма олдида обрўсизлантириб – «Номард» деб катта гапирган «шоқоллар» яна отангни қўшиғини айтиб, ўйнаб юрсалар-у, буни кўриб тафаккур қилмай, оғзини очиб ўтирган ўз элингдан ҳайрон-у лол бўлар экансан афсус», деган Шоҳжаҳон Жўраев.


Суд ишлари


Шундан сўнг хонанда Ботир Қодиров марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраевни оталикни белгилаш учун судга бергани, санъаткорлар ўртасидаги можаро Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман судида, судья Лола Ўтанбоева раислигида кўриб чиқилаётгани маълум бўлган. Аниқлаштирилишича, Ботир Қодиров 2024 йилнинг 19 март куни судга ариза киритган. Ишни кўриш 15 апрель куни бошланганди.


Тармоқ фаолларининг мавзу юзасидан фикрлари


Мен ушбу кейсда даъвогар Ботир Қодировни тўлиқ қўллаб қувватлайман. Уни ҳақиқатни билишга, онасини номини оқлашга, истаган нарсасини исботлашга ва хоҳласа буни элга овоза қилишга ҳаққи бор. Турли санъаткорлар ўзича ўлган одамниям тинч қўйишма деб постлар ёзиб, йигитларга дакки беришяпти. Ҳатто санъаткорларни шепи Озод ака ҳам. Мен уларни фикрига қўшилмайман. Бўладиган иш узил-кесил ҳал бўлиши керак.


Нурбек Алимов — блогер


Назарбеков бир санъаткор ўлароқ фикр юритибди. Лекин масала бу ерда янада жиддийроқ. Ҳуқуқ масаласида шошмаслик керак. Оиладаги масалаларда ҳам кимнидир тутган позициясига баҳо бериш нотўғри. Биз буларни ичидан билмаймиз. Судгача келишган экан бу ерда анча гаплар бор. Судлашиб юришни ким хоҳлайди? Ботир Қодиров ҳам бекорга даъволашмаётгандур? Жўраевларни ҳам бир ҳақиқати бордур?!


Баҳодир Аҳмедов — ҳуқуқшунос блогер