Дунё тарихидаги энг даҳшатли зилзилалар

1556 йил – Хитойнинг Ганьсу ва Шэньси музофотларидаги зилзила 830 минг кишининг ҳаётига нуқта қўйган. Ҳудудда 20 метрдан ортиқ чуқурликдаги ёриқлар пайдо бўлган.

1737 йил – Ҳиндистон тарихидаги энг вайронкор зилзила сифатида қайд этилган Калькутта зилзиласи 300 минг одамнинг ёстиғини қуритгани тахмин қилинади.

1923 йил – Японияда содир бўлган 8,3 балли зилзила натижасида 105 мингдан 142 минггача киши ҳалок бўлган, яна минглаб кишилар бедарак йўқолган. 2 миллионга яқин одам уйсиз қолгани қайд этилган.

1966 йил – Тошкентда даҳшатли зилзила содир бўлди. Зилзила ўчоғидаги силкиниш магнитудаси 5,2, эпицентрдаги ер юзасида сейсмик таъсир эса 8 баллдан ортиқ, чекка жойларда 6 баллни ташкил этди. Аҳолининг 300 мингдан ортиғи уйсиз қолди, 8 киши ҳалок бўлди ва тахминан 200 киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.

1994 йил – АҚШнинг Лос-Анджелес шаҳрида бўлиб ўтган 6,7 балл кучланишга эга бўлган зилзила эгаллайди. Бу офат 57 кишининг умрига зомин бўлди. 8700 нафар одам турли хил жароҳатлар олган ва бу мамлакатга 20 млрд. доллар миқдорида зарар келтирган.

2008 йил – Хитойда, Осиё-Тинч океани ҳудудида содир бўлган зилзила кучи нисбатан кам – 8 балл бўлса-да, қурбонлар сони жуда кўп – 69 195 киши бўлди. 18 мингдан ортиқ одам бедарак йўқолди, 5–11 млн киши бошпанасиз қолди.

2010 йил – Чилида 8,8 балли зилзила содир бўлди. Натижада 525 киши ҳалок бўлган, 25 та одам домдараксиз йўқолган. Бу офат давлатга 15-30 миллиард доллари миқдорида зарар етказган.

2011 йил – Япония соҳилларидан 72 км масофада, 30 км чуқурликда кечган тебранишлар магнитудаси 9 баллни ташкил қилди. 6 дақиқа давом этган зилзила натижасида баландлиги 40 метрдан ортиқ цунами кўтарилди ва айнан у энг катта талафотларга сабаб бўлди.

2022 йил – Филиппиннинг Абра провинциясида содир бўлган зилзила оқибатида камида уч киши қурбон бўлди. Америка сейсмология хизмати маълумотларига кўра, кучи 7 баллгача бўлган зилзила провинция пойтахти Бангед ва қўшни икки провинцияда бир нечта кўчки ҳамда биноларнинг қулашига сабаб бўлди.

1966 йилнинг бугунги санасида Тошкентда даҳшатли зилзила юз берган эди.