Ўзбекистонда давлат боғчалари учун тўловлар жорий ва келгуси йилда оширилади

Жорий йилнинг июн ойидан бошлаб давлат боғчаларига тўлов нархи 20 фоизга, кейинги йил январдан эса яна 10 фоизга қимматлашади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловларининг янги миқдорлари тасдиқланди.

Ўсиш икки босқичда – 2024 йил 1 июндан ва 2025 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади. Биринчи босқичда тўловлар ўртача 18,7-21 фоизга, иккинчи босқичда 8,5-10,8 фоизга ошади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Тўловнинг аниқ миқдори болалар боғчаси жойлашган жойга ва боланинг у ерда ўтказган вақтига қараб белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, охирги марта боғча тўловлари 2021-йилнинг май ойида 15 фоизга оширилган эди. Ўшанда бу озиқ-овқат нархининг ошиши билан изоҳланган эди.