Энди Ўзбекистонда «Yandex Go» электромобилларни ўз ичига олган тарифни ишга туширади

Yandex Go Ўзбекистонда электромобиллар, жумладан BYD, Dongfeng, Hongqi ва бошқаларни ўз ичига олган такси тарифини ишга туширади. Yandex Go иловасидаги электромобиллар «Комфорт+» тарифида бўлади.

Тарифда BYD, Dongfeng, Hongqi ва бошқа маркалардаги электромобиллар тақдим этилади. Дастлабки босқичда Yandex Go хизматига 1000 дан ортиқ автомобилни улаш режалаштирилган.

Ҳозирда мавжуд бўлган сўнгги очиқ маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга 22,49 мингта электромобиль импорт қилинган. 2022 йилнинг шу даврига нисбатан импорт ҳажми 6 баробардан зиёд ошган.

«Электромобиллар юқори даражадаги қулайликка эга — замонавий, шовқинсиз ишлайди. Шунингдек, улар фойдаланишда тежамкор, ёнилғи сарфи ва харажатлари паст, бу ҳайдовчилар учун фойдали. Шаҳар муҳити учун электромобиллардан, жумладан, таксида фойдаланиш шаҳардаги шовқинни ва чиқиндиларни камайтиришга ёрдам беради», — дейди Yandex Taxi`нинг МДҲ бўйича ривожланиш директори Кирилл Свинцов.

Компаниянинг таъкидлашича, бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш нафақат шаҳарлардаги ҳаёт сифатини яхшилашга, балки электромобилларга бўлган талабни ошириш ва мос инфратузилмани ривожлантиришга ҳам туртки беради.