Бутун дунёда жамоатчилик фаоллари ҳар доим ҳайвонот боғларига қарши бўлиб келишади. Мана шундай фаоллардандан бири Майкл Фокснинг «Ҳайвонот боғлари ҳайвонларнинг ўз табиий муҳитида бўлганлиги ҳақидаги факсимил ёки балки карикатурага айланиб бормоқда. Агар табиатга нисбатан тўғри сиёсат юритилса, бизга ҳайвонот боғлари умуман керак бўлмайди» деган фикри бутун дунё ҳайвонот оламини севувчиларнинг шиорига айланиб кетган.
Бутун дунёдаги муаммолар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Яқин вақт оралиғида Сурхондарёда айиқларни озиб кетиши, аномал совуқ сабаб жирафанинг вафот этиши ва шу каби бир қатор хабарлар кўнгилни хира қилиб, айбдорлик ҳиссини уйғотмай қолмайди.
Куни кеча ҳам Шаҳрисабздаги ҳайвонот боғида Йўлбарснинг оғир аҳволи яна ижтимоий тармоқларда кенг айланди. Хўш, мана шунча талафотлар ҳайвонлардаги салбий ўзгаришларга қарамай нега ҳайвонот боғлари фаолиятини давом эттиради?
Бунга сабаб ташриф буюрувчилар тўлайдиган пул айланмаси. Ҳайвонот боғлари ҳайвонларга ҳақиқий ёввойи муҳитни яратиб беролмаса-да, дунё инвесторлари аллақачон бу соҳани йирик бизнесга айлантириб олишган. 2023-йилнинг 1-январь ҳолатига кўра, мамлакатимиздаги ҳайвонот боғларига ташрифлар сони жами 1 176,8 минг кишини ташкил этган. Шундан 461,1 минг нафари болалар.
Энди рақамларни яхлитлаб ҳисоблаб кўрсак, 1 177 000 кишининг 461 000 нафари болалар. Бир йилда 716 000 нафар 16 ёшдан ошганлар ҳайвонот боғига кирган. кириш нархи ўртача катталарга 30 минг сўм, болалар учун ўртача 15 минг сўм билан ҳисобласак, бир йилда юртимиз ҳайвонот боғлари 28 млрд 395 млн сўм ташриф буюрувчиларнинг чипта пулининг ўзидан даромад топган.
Шунингдек, ҳайвонларни овқатлантиришга қизиқувчилар ҳамда қўшимча даромадлар ҳисобланмади.
Бу масала юзасидан жуда кўп мақолалар ёзилади, халқаро майдонда чиқишлар қилишади аммо фойдаси бўлмаяпти. Ҳайвонот оламини эркин яшашга ҳақли деб фикрловчилар ва ёввойи ҳайвонларни циркда ёки ҳайвонот боғида ушлаб туришга қаршиларнинг ягона умиди келажак авлод мафкурасида ҳайвонлардан бизнес маҳсулот сифатида фойдаланмасликни уйғотишдир. Шу сабабли бу мавзуда жуда кўп мультфильмлар ишлаб чиқилмоқда. Ягона умид — мафкураси соғлом болаларни тарбиялаш.
Аммо шу ўринда эътирозимиз ҳам йўқ эмас. Миллионлаб пул айланаётган экан, нега ҳайвонларга яхши парвариш ва муҳит яратиб беришмаяпти? Касалланган ва ўлган ҳайвонлар учун жавобгарликлар йўқми? Балки уларни ёввойи табиат ёки қўриқхоналарга қайтариш вақти келгандир? Нима учун ҳайвонлар бошқаларнинг даромад манбаи бўлиб инсонларнинг кўнгилочар томошалари учун жони билан товон тўлаши керак?
Аслида улар ҳам эркин ҳаётда яшашга ҳақли. Фақатгина камчиликлари улар буни талаб қилиша олишмайди холос.
Фазилат Соиб