Ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар “текисланади”

Кадастр агентлиги директори томонидан республика ҳудудларида ер ва кадастр назорати тадбирларини янада кучайтириш мақсадида “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Эндиликда дронлар ёрдамида назорат тадбирлари олиб борилиб, “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан тақдим этилган космик суратларни таққослаш орқали қонунбузарликлар аниқланади.  

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни аниқлаш ва қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйиш чора-тадбирлари хусусида Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошхўжаев қуйидагиларни маълум қилди:

“Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида “Долзарб 40 кунлик” доирасида ер назорати ишларини фаоллаштириш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни аниқлаш ва қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан кескин чораларни кўриш учун доимий ишчи гуруҳлар тузилиб, ўз иш фаолиятини бошлади”

Эслатиб ўтамиз, ҳужжати йўқ уйларга кадастр ҳужжатларини қилиб бериш бошланиши ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин айрим “уддабуронлар” тезкорлик билан бино қуриб, “бу уйни 5-10 йил олдин қурганман деб иддао қилсам ҳужжатлаштириб оламан” дея, иш бошлаши натижасида ҳудудларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилиш қилаётганлар талайгина учрамоқда.
 
Аммо Кадастр агентлиги томонидан ерларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича космик съёмкалар, хариталари бор. Улар ёрдамида 5-10 йил, ҳатто 20 йил ортга қайтариб текшириш мумкин.