Илк шеърларимни ботинкамнинг ичига яшириб юрганман — Хуршид Даврон

Жорий йилнинг 4 май куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани 229-мактабда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон билан учрашув ташкил этилди.

Учрашув аввалида Хуршид Даврон ўтирганларга ҳаётий тажрибалари билан бўлишиб, тарихий жараёнлар, бугунги адабий муҳит ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг шоир шеърлари ўқувчилар томонидан айтилди, шоирга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

— Шеър ёзишимни болалигимда ҳаммадан яширганман, — деди Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. — Илк шеърларимни ботинкамнинг ичига яшириб юрганман. Кейинчалик ўз аммам она тили ва адабиёт фанидан дарс ўтиб, мендаги иштиёқни пайқаб қолган. Кейинчалик катта ижодга қадам қўйиб, ҳозиргача ижоддаман. Мен ёзолмай қолишдан қўрқмайман, буни аллақачон бўйнимга олиб бўлганман.

Хуршид Даврон мактаб кутубхонасига 10 дан ортиқ китоб совға қилди. Шунингдек, муаллифлигидаги китобларга дастхат ёзиб, ёшларга оқ фотиҳа тилади.

Сўнгра шоир 6-синфларга адабиёт фанидан дарс ўтиб, ўқувчиларга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ҳамда ўзининг шеърларида Ватан мавзусига тўхталиб, Ўзбекистон тарихи, бугуни, ёшларнинг ўй-хаёллари ҳақида гапириб ўтди. Дарс сўнггида шоирдан ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.