Оғир шароитда ишлаётган ишчилар ойлиги қачон яхшиланади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев оғир шароитларда ишлаётган Қарши насос станцияси ишчилари маоши бўйича вазиятга изоҳ бериб ўтди.

Депутатларга кўра, Қарши магистрал каналларидан фойдаланиш бошқармасининг насос станциясида алоҳида оғир шароитларда ишлаётган ишчиларнинг иш ҳақи ва устамаларини амалдаги меҳнат қонунчилигига асосан қайта кўриб чиқиш масаласи ҳал этилмаган. 

Вазир Ҳамроевнинг изоҳ беришича, мазкур станция вазирлик тизимидаги энг йирик ташкилотлардан бири саналади ва жами харажатнинг 25 фоиздан ортиғи ушбу иншоотга ажратилади. 

“Президентимиз ўтган ҳафта мана шу масалада тақдимот билан танишдилар. Бугун фармон изоланди, бу ОАВда энди тарқатилади. Ҳужжатга асосан, ушбу насос станциясида ҳам таъминот ва устамалар яхшиланади. Биз март ойида насос станциясида ишлаётганлар, жумладан Туркманистон ҳудудига ўтиб фаолият олиб бораётганларда бошқалардан кўпроқ маош ажратдик. Маош ва устамаларни яхшилаш бўйича ваъдалар тўлиқ бажарилади”, дея маълум қилди Ҳамраев.