Маҳкумлар учун масофали видео-учрашув пулли хизмати йўлга қўйилиши мумкин

Маҳкумлар учун масофали видео-учрашув пулли хизматини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда

“INM INTERNATIONAL” МЧЖни хусусий шерик сифатида Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали онлайн учрашув имконияти яратилишини таъминлаш мақсадида тўғридан-тўғри шартнома тузган ҳолда жалб қилиш таклиф этилмоқда.

Қайд этилишича, 2023 йил 1 декабрдан 2024 йил 1-февралга қадар эксперимент тариқасида Биринчи минтақавий ҳудуд 7-сон жазони ижро этиш колониясида “INM INTERNATIONAL” МЧЖ томонидан “Prisonline” ҳимояланган видео алоқани таъминловчи замонавий ахборот технологиялари ўрнатиш орқали жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видео-учрашув орқали яқин қариндошлари билан онлайн учрашув имконияти яратилган.

Лойиҳага кўра, жазони ўтаётган маҳкумларнинг масофали видео-учрашувлари жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти назорати остида ўтказилиши ҳамда уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан тўланиши белгиланган.