Тожикистон президенти Путин билан учрашувда терроризмга қарши курашишда “икки томонлама стандартлар”га қарши чиқди. Музокаралар чоғида Эмомали Раҳмон Россия ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар “савдо-иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар соҳада ривожланиб бораётганини” таъкидлади.
“Терроризм ва экстремизмга қарши курашшга келсак, сиз бизнинг позициямизни 30 йилдан ортиқ вақтдан бери биласиз. Бизнинг позициямиз қуйидагича: биз терроризм ва экстремизмга қарши курашишда икки томонлама стандартларга қаршимиз. Терроризмнинг миллати ҳам, дини ҳам йўқ”, – деди Раҳмон.
Унинг қўшимча қилишича, Россия Федерацияси ва Тожикистон махсус хизматлари аввалги барча йилларда яхши ишлаган, аммо “афсуски, “Крокус Сити Холл”да фожиа юз берди”. Раҳмоннинг айтишича, концерт залида содир этилган теракт “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”. Унинг сўзларига кўра, теракт Тожикистон имиджи, тарихи, маданияти ва анъаналарига жиддий зарар етказади.
22 март куни кечқурун террорчилар Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига бостириб кирди. Улар “Крокус”га ташриф буюрган кишилар ва унинг ходимларига қарата ўт очишган, кейин эса зални ёқиб юборишган. Натижада 144 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Терактга алоқадорликда гумон қилинган 12 киши ҳибсга олинган. Айбланувчиларнинг деярли барчаси Тожикистон фуқаролари.
27 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги шошилинч тавсиянома чиқарди ва республика фуқароларига Россия ҳудудига саёҳат қилишдан “вақтинча тийилиш”ни тавсия қилди. Агентликнинг иддао қилишича, Москва аэропортларида Россияга киритилмаган мингга яқин Тожикистон фуқаролари бор.