8-май куни Тошкент шаҳрида олий таълимга қабул ва грант ажратишдаги ўзгаришлар бўйича ўтказилган матбуот анжуманда вазир ўқитувчилар илмий салоҳияти ҳамда ректорлар сайлаш борасида фикр билдирди.
“Ҳамма жойда ҳам таълим сифати ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти билан баҳоланади. Бизда, афсуски, олий таълим даргоҳларида ўқитувчилар сони етарли, лекин илмий салоҳият етарли эмас. Айрим олий ўқув юртларида ўқитувчилар салоҳияти 20 фоиз атрофида. Талабалар сони ортгани билан илмий салоҳиятли ўқитувчилар сони ҳам бирдан ошиб кетавермайди. Битта фан номзодини тайёрлаш учун камида 3 йил керак. Шу нуқтайи назардан, салоҳият кечикяпти. Келажакда ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 50 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Илмий салоҳият билан таълим сифати бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Босқичма-босқич булар яхшиланади деган умиддамиз”,—деди вазир.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири суҳбат давомида ректорларни сайлашга ҳали жамоатчилик тайёр эмаслигини таъкидлади.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясига ректорларни сайлаш масаласи киритилган. Бу муҳокамада, ҳали қарор қабул қилинмади. Кўпгина давлатлар олий таълим муассасаларида ректорлар 5 йилга сайланади. Менимча, биз ҳозир ректор сайлашга тайёр эмасмиз. Бунга вақт керак. Қачонки, жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилса, шу ишларни қилсак бўлади. Ҳамма ўз ишини кўнгилдагидек, олдинга қўйилган вазифани сифатли бажарсагина тизим яхшиланади. Шунга эришган кунимиз ректорларни жамоатчилик ёки илмий кенгашлар сайласа бўлади”, — деди вазирлик раҳбари.