63 ёшли эркак 7 ёшли қизга тегажонлик қилди. Қонун «таниш-билишлилар» учун  ишламайдими?



«Бир соат қийнаб, қўлига 10 минг сўм бериб кетган»

Наманганда 68 ёшли эркак аввалроқ яна бир 7 ёшли қизга уятсиз ҳаракатлар қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда жабрланган қизнинг холаси «Муштум» журналига берган интервюсида маълум қилди.

Аёлнинг сўзларига кўра, 2023 йил ноябр ойида синглисининг 1-синфда ўқийдиган қизини 68 ёшли И.Б. машинасига миндириб, овлоқ жойга олиб кетган.
«Ўтган йил ноябр ойида синглимнинг фарзанди билан ҳам худди шунақа воқеа бўлганди ва бу ҳолат ИИБ томонидан чора кўрилмасдан қолиб кетганди. Жияним мактабдан чиқиб, шу атрофдаги хонадонлардан бирига репетиторга борган. У ердан чиқиб келаётган вақтида Matiz машинасида 60 ёшдан ошган эркак келиб, «Машинага чиқ, қизим, машина бузилиб қолди, менга қарашиб юбор» деган. Жияним ёш бола бўлгани сабабли ёрдам бераман деб машинага чиқиб олган.


У одам жиянимни олиб, узоққа кетиб қолган. Ҳеч ким йўқ, панароқ жойга олиб бориб, жиянимни машинадан тушириб, ўзининг жинсий майлини қондирган. Жияним қўйиб юборинг, уйимга кетаман, деб йиғлаган. Аммо раҳм қилмасдан, тахминан 1-1,5 соат қийнаган. Сўнгра Давлатобод ҳудудида, 49-мактаб атрофида дўкон олдига тушириб кетган.


Жияним машинадан тушиб, кийимларини ўзи тўғрилаб кийиб, ўша ердаги боғчага борган. Боғчада онаси ишларди. Бошида онасига айтмаган. Эркак унинг қўлига 10 минг сўм бериб, машинадан тушириб кетган бўлган. Уйга боришганида синглим қизининг қўлидаги пулни кўриб, уни қаердан олганини сўраган. Шунда жияним йиғлаб, бўлган воқеани айтиб берган.

Кейин синглим онам билан ИИБ ходимларига ариза билан мурожаат қилишган. У одамни топишди ҳам. Аммо негадир ариза ёпти-ёпти бўлиб кетди.

Жиянимни синглим ва онам шифокорга олиб бориб кўрсатишган. Текширув пайтида ҳақиқатан ҳам эркак киши томонидан шилқимлик қилинган бўлиб чиқди. Лекин у одамга ҳеч қандай чора кўрилмади. Ўғиллари катта ишда ишларканми, қандайдир ИИБ билан алоқалари бор эканми, ариза охирига етмасдан қолиб кетди», дея ҳикоя қилиб берган аёл.

У жияни анча пайтгача қўрқиб, руҳий ҳолати яхши бўлмай, ранглари оқариб юрганини ҳам маълум қилган.
«Ўзимизнинг ҳам раҳмимиз келди. Лекин қаерга мурожаат қилинса, у инсон қамалди, жазосини олади, деган жавобни олдик. Кейин билсак жазосини олмаган экан. Агар жазосини олган бўлганида яна бошқа қизларга ҳам шунақа қилмаган бўларди», дея таъкидлаган қизчанинг холаси.

Аёл кичкина гўдакларни қийнагани учун эркакка нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Аввалроқ мазкур эркак 7 ёшли қизга нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилганликда гумонланаётгани хабар қилинганди. Янги Наманган туманида яшовчи аёл ички ишлар органларига ўз аризасида 2024 йил 27 март куни вояга етмаган қизи кўчада ўртоқлари билан ўйнаб юрган вақтида шу ердан ўтиб кетаётган И.Б. қизни ўз автомашинасига чиқариб, унга уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилганини билдирган. Ушбу воқеа юзасидан жорий йил 5 апрел куни Наманган шаҳар ИИО ТБ томонидан И.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.