Ўзбекистондаги яна бир нодавлат олий таълим муассасаси – Тошкент Технологиялар университети лицензияси бекор қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбарияти маълум қилди.
Тафсилотларга кўра, 2024 йилнинг 19 апрел куни Тошкент Технологиялар университетининг лицензиясини бекор қилиш бўйича суднинг ажрими эълон қилинган. Келаси ўқув йилидан бошлаб университет ўз фаолиятини давом эттирмайди. Университет талабалари эса бошқа олийгоҳларга ўқишга кўчирилади.
Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, лицензиялаш, таълим сифатини таъминлаш департаменти бошлиғи Абдували Холиқов нодавлат ОТМ билан вазирлик ўртасида олиб борилган суд ишларига аниқлик киритди.
“Дастлабки босқичдаги ўрганишлар натижаси бўйича 5 та нодавлат ОТМ лицензияси бекор қилинди, суд қарори бўйича ва белгиланган тартибда. Бундан ташқари, бир нечтаси ўрганиш натижаси бўйича судга берилди ва улар белгиланган муддатларда камчиликларини бартараф этганлиги ва судда буни асослаб берганлиги учун суд жараёни тўхтатилди ва ОТМ фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди. Текширув ўтказилган ҳаммаси ҳам ёпилгани йўқ. Адашмасам, яқинда бир манбадан маълумот чиқдики, йирик нодавлат ОТМ ёпилиши режалаштирилган, деган. Бунга ўхшаш ҳеч қандай режа йўқ”, дейди департамент бошлиғи.