Йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона Журабек лабораториэс таъсисчиси, Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева Ўзбекистонда энг камида 68 нафар боланинг ўлими ва 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишига олиб келган “Док-1 Макс” жабрланувчиларига суд томонидан белгиланган 75 миллиард 756 миллион сўм миқдоридаги маънавий зарарни тўлаб бериш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда “Дарё” манбаси хабар берди.
Маълум бўлишича, корхонанинг айни кундаги директори, Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева шундай илтимос билан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ва апелляция инстанциясига мурожаат қилган.
Мен зарарли дорилар таъсиридан болалари вафот этиб, жабрланган ота-оналарнинг оғриқли яраларига бир оз бўлса-да малҳам бўлиши учун ҳамда ўғлим С.Кариевнинг қисматини енгиллатишга эришиш учун ҳозирда ўзим раҳбарлик қилаётган Журабек лабораториэс МЧЖнинг иқтисодий салоҳиятини айнан суд ҳукмида жабрланган ота-оналарга ундириб берилиши белгиланган маънавий зарарларни тўлаб беришга йўналтирмоқчиман, — дейилади Мунира Кариеванинг судга берган аризасида.
Ўғли тақдиридан ташвишланаётган онанинг битикларида катта миқдордаги маблағни Журабек лабораториэс МЧЖнинг ҳисоби ва мулкидан бирданига ажратиб бериб бериш имкони йўқлиги таъкидланиб, “Ҳозирги кунда Журабек лабораториэс МЧЖда 2000 нафардан ортиқ одам ишлаши, ҳар бирининг оиласининг ризқи ҳам шу корхона фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, шунингдек, илгари четдан қиммат нархларда импорт қилинадиган кўпгина дори воситаларини маҳаллийлаштириб, ўзимизда ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ жараёнда ҳам Журабек лабораториэс МЧЖ етакчилик қилаётгани боис суд ҳукмида кўрсатилган маънавий зарар учун тўланиши керак бўладиган маблағларни корхонанинг асосий фаолиятига таъсир қиладиган усулда бирданига ажратиб олишга менинг маънавий ҳуқуқим ҳам йўқ”, — дейилади ва пул тўлиқ тўланиши учун 3 йиллик муддат сўралади.
Мен Журабек лабораториэс МЧЖнинг фаолиятидан даромад олиш ҳуқуқига эга таъсисчи сифатида бу маблағларни фақатгина корхона фаолияти натижаларидан қонунан олишим мумкин бўлган дивидент маблағлари ҳисобига шакллантиришим мумкин. Бу жараён эса бир неча йил муддатни талаб қилади. Шунинг учун мен корхона фаолиятидан тушадиган даромадларни тўғри тақсимлаган ҳолда 3 йил муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда суд ҳукмида белгиланган маънавий зарар тўловларини тўлиқ тўлаб беришни амалга ошириш мақсадидаман. Эвазига эса ўғлим С.Кариевга нисбатан қонуннинг инсонпарварлик принципини қўллаб, унга нисбатан тайинланган 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини бекор қилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси асосида енгиллик берилиши ва уни озодликка чиқарилишидан умидворман. Сиздан ушбу мақсадга эришишимга ёрдам беришингизни илтимос қиламан, — дейди Мунира Кариева.