Россия фан ва олий таълим вазири лавозимига номзод Валерий Фалков мамлакатда 2025-йилдан “бакалавр” тушунчаси бекор қилинишини маълум қилди.
2025-йилдан бошлаб жорий қилинадиган олий таълим тизимида “бакалавр” тушунчаси бўлмайди, бу олий таълим ва махсус олий таълим бўлади, — деди у Давлат Думасининг ялпи мажлисида.
Унинг сўзларига кўра, айрим мутахассисликлар учун тўрт йиллик таълим етарли эмас – талабалар беш ёки ундан ортиқ йил ўқиши керак. Фалков улар орасида шифокорлар, ўқитувчилар ва муҳандисларни алоҳида таъкидлаган.
Аввалроқ Фалков Россия 2003-йилда қабул қилинган Болония олий таълим тизимидан воз кечиш ниятида эканини маълум қилганди. Болония таълим тизими 1999-йилда Болония декларациясини имзолаган етакчи Европа давлатлари учун ягона таълим консепсиядир. Ҳозирда Болония тизимини 49 давлат қўлламоқда. Тизим 4 йиллик бакалавр ҳамда 2 йиллик магистратура босқичини ўз ичига олади.
Ўтган йилнинг май ойида Россия президенти Владимир Путин Россияда олий таълимни ислоҳ қилиш бўйича фармон имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, янги тизимда асосий ва махсус олий таълим, шунингдек, олий ўқув юртидан кейинги касбий таълим йўлга қўйилади. Таянч олий таълим муддати тўрт йилдан олти йилгача, ихтисослаштирилганда эса уч йилгача бўлади.