Ҳожиларни тантанали кутиб олиш, «Загс» ни данғиллама қилиш, хориж либосларини кийиш ва бошқа тадбирлар ман этилади  — Тожикистон

Тожикистон парламенти қуйи палатаси мажлисида мусулмон байрамлари – Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларида «Идгардак», яъни болалар байрамини ўтказишни тақиқловчи қонунни қабул қилган.

Парламентнинг «Садои мардум» газетасининг ёзишича, республикада миллий маданиятга тўғри келмайдиган либослар кийиш ҳам тақиқланди. Бундан ташқари, тўй, маърака ва зиёратчиларни табриклашда янги чекловлар жорий этилган.

Мазкур чекловлар 8 май куни парламент қабул қилган «Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар сифатида киритилган.

«Идгардак» маросимида болаларга ширинликлар тарқатилади. Яъни, Тожикистонда Рамазон ва Қурбон байрамларида болалар қариндошлари ва қўни-қўшниларининг уйларига бориб, уларни табриклайди, совғалар олади.

Парламент аъзолари, шунингдек, янги турмуш қурганларга пулни тўй дастурхонининг ўрнига хайрия ишларига, масалан, йўлларни таъмирлаш ва сув қувурларини ётқизишга сарфлашни таклиф қилмоқда.

Давлатзоданинг айтишича, келин-куёвга ҳамроҳлик қилишда кўп сонли автомашиналардан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис энди мамлакатда «загс» учун тўрттадан ортиқ машинадан фойдаланишга рухсат берилмайди.

Қабул қилинган қонуннинг 13-моддаси зиёратчиларга оид.

«Сўнгги йилларда зиёратчилар сони кўпайган, айрим фуқаролар Ҳаждан кейин зиёратчиларни кутиб олиш ва уларни қабул қилишни ташкил қилишда исрофгарчиликка йўл қўймоқда. Шу боис қонун лойиҳасининг 13-моддасида Ҳаж ва Умра зиёратига борувчи ва зиёратдан қайтувчиларни оила ичида кузатиш ва кутиб олиш кўзда тутилган», дейилади хабарда.

Шу қаторда, зиёратчиларни кутиб олишда ҳовлилар, уйлар, кўчалар, маҳаллалар ва ҳатто машиналарни безатиш ҳам мумкин эмас.

Бундан ташқари, энди Тожикистонда чет эл кийимлари ҳам ноқонуний ҳисобланади.

Хабарда ёзилишича, миллий маданиятга ёт кийимларни олиб кириш, сотиш, тарғиб қилиш, шунингдек, жамоат жойларида бундай кийимларни кийишга тақиқ қўйилди. Аммо қайси кийимларга эканлигига ҳали аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, «Тожикистон Республикасида байрамлар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламент томонидан қабул қилинган бўлиб, энди у мамлакат президенти томонидан имзоланиши керак.