Қозоқ тили ва тарихини билмаганларга фуқаролиги берилмайди

Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев “Қозоғистон Республикасининг аҳоли миграцияси соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва жазо ижроси тизимига оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисидаги қонунни имзолади.

Қонуннинг янги таҳририда мамлакат фуқаролигини олиш ёки тиклашни рад этишга асос бўладиган янги сабаблар киритилган. Эндиликда:

— вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлар;

— давлат тилини элементар даражада билмаганлар;

— Қозоғистон Конституцияси асосларини ва мамлакат тарихини етарли даражада билмаганлар Қозоғистон фуқаролигини ололмаслиги мумкин.

Шунингдек, янги таҳрирга Қозоғистонда доимий яшаш учун рухсат олиш ҳуқуқини берувчи кўп марталик инвесторлик визаси ҳамда талабгир касб эгалари учун виза ҳам киритилган.

Кимлар Қозоғистон ҳудудига киритилмайди?

— Экстремистик ва террористик ташкилотларга алоқадор шахслар;

— Рецидивистлар (қайта жиноят содир этганлар);

— Уюшган гуруҳлар (жиноий ташкилотлар) етакчилари;

— Вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлар;

— Қозоғистонда оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган ва халқаро шартномалар асосида фуқаролиги бўлган давлатларга ўтказилган шахслар мамлакат ҳудудига киритилмайди.