«Ўзбекистонда ОАВ ташқи имижга ишлайди. Газета, журналлар, телевидениеда фақат мақтов. Улар «Ўзбекистон овози» ёки «Халқ сўзи»га қараб рейтинг тузмайди» — Карим Баҳриев

Журналист, ёзувчи, таржимон ва собиқ депутат Карим Баҳриев Ўзбекистон сўз эркинлиги поғонасида 11 поғона пастлагани ва унинг сабабларига қуйидагича фикр билдирди.

«Фожианинг таги тарих ва давлатчилик характеридан келиб чиқади. Дунёдаги энг фаровон ва ривожланган мамлакатлар сўз эркинлиги бўлган давлатлардир. Айтайлик Кореяда ер ости ва ер усти бойликлари йўқ. Пахта ҳам экилмайди, ҳамма ери ботқоқлик бўлгани сабаб фақат гуруч етиштирилади. Лекин, Кореянинг ҳаёт даражаси бизникидан икки баравар баланд. Ҳатто юртдошларимиз Кореяга бориб мардикор бўлиб ишлашади, ўртача маоши ҳам 4000 — 5000 АҚШ долларини ташкил этади. Нега у бу қадар ривожланади. Чунки унда демократия бор, сўз эркинлиги бор.

Аммо олтин ресурслари, ер бойликларига эга бўлган, халқи меҳнатдан қочмайдиган Туркманистон ёки биз каби давлатлар-чи? Масалан Англия сув хавфи, ёмғирлар сабаб биздан оғир шароитда яшайди, лекин нима учун уларнинг ҳаёт тарзи бизникидан яхши? Чунки, адолат бор! Алишер Навоий айтган эканлар: «Давлатда адолат бўлсагина мулк кўпаяди, адолат бўлсагина халқ фаровон бўлади» Адолатнинг бош унсурларидан бири эса сўз эркинлигидир. Ҳақиқатни айтиш имконияти бўлсагина иқтисод қаерга қараб кетаётганлигини билиш мумкин. Мана, бугун ҳам бизда иқтисод монополлигича қоляпти. Монополияни йўқотмасак иқтисод ривожланмайди, иқтисод ривожланмаса, халқни бири икки бўлмайди.

Ўзбекистонда ОАВ ташқи имижга ишлайди. Газета, журналлар, телевидениеда фақат мақтов. Уни бирор чет эллик кўрса, бу ер жаннат экан деб ўйлайди. Аммо бу ерда элчихона турибди. Улар мамлакатимиздаги одамларнинг маоши, ниманинг ҳисобига кун кўраётгани, чет элда қанча мардикоримиз юрганини етказиб туради ва улар бизнинг иқтисодимиз ҳақида хулоса чиқариб олади.

Мамлакатда қанча блогер қамалганлигини, қайси газета беркилганлигини кўрганидан сўнг, сўз эркинлиги ҳақида рейтинг тузади. Улар Ўзбекистон овози» ёки «Халқ сўзи»га қараб рейтинг тузмайди. Мамлакатдаги аҳволни яхшиламасак, журналистларни ҳимояламасак, сўз эркинлигини яхшиламасак, биз бу сўз эркинлиги поғонасида асло кўтарила олмаймиз. Сабаби у рейтинглар камида 60 та индикатор билан белгиланади. Масалан, қанча журналист қамалди, қонунчиликни аҳволи қай даражада, қанақа камчиликлари бор, журналистларни қамайвериш қандай сабаб билан бўляпти кабилардир»