Бишкекда мингга яқин одам намойишга чиқди

Бишкекда 17 май куни кечқурун ҳостелдаги муштлашувдан сўнг ҳудудда тўпланган оломон туфайли ички қўшинлар ва сув пуркагувчи мосламалар киритилди, деб ёзади маҳаллий ОАВ.

24.kg агентлиги хабарига кўра, 7 апрел кўчаси шимолий йўналишда ўраб олинган ва хавфсизлик кучлари унинг Чуй шоҳкўчаси билан кесишган қисмида жойлашган. Журналистларга кўра, жанубий йўналишдаги бир кўчада бир неча минг киши тўпланган.

Орадан бироз вақт ўтгач, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Азамат Тўқтоналиев намойишчилар билан музокаралар олиб борган, деб ёзади 24.kg суҳбатнинг видеоёзувини эълон қилиб. Суҳбат натижасида одамлар тарқала бошлади. Шу билан бирга, йиғилганлар хорижликлар устидан назоратни кучайтиришни ва ҳостелдаги муштлашувдан сўнг қўлга олинган уч кишини қонун доирасида тўлиқ жазолашни талаб қилишди.

Ҳолат юзасидан безорилик моддаси бўйича жиноий иш очилган. Уч нафар хорижлик қўлга олинган, расмийлар уларнинг фуқаролигини ошкор этмаган.