Қорақалпоғистон ва 5 та вилоятда 66 минг 750 та истеъмолчи электр таъминотидан вақтинчалик узилди. Бунга жойларда кузатилаётган кучли ёмғир ва шамол оқибатида 6−10 кВли 190 та фидер 274 МВт қувват билан авариявий ўчиб қолиши сабаб бўлган.
18 май соат 10:00 ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро ва Тошкент вилоятларидаги 66 минг 750 та истеъмолчи ҳамда кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан вақтинчалик узилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.
Бунга мамлакат бўйлаб юз берган кучли ёмғир ва шамол натижасида 6−10 кВли 190 та фидер 274 МВт қувват билан авариявий ўчиши сабаб бўлган.
«Ҳозирги вақтда мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, махсус бригадалар томонидан барча носозликлар бартараф этилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», — дейилади вазирлик хабарида.