Танзила Норбоева маҳаллий Кенгашлардаги қонунбузилишлар ҳақида маълум қилди

Сенат раиси Танзила Норбоева Фарғона ва Намангада сессия ўтказмасдан маҳаллий Кенгаш қарорларини қабул қилингани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида сўз борди.

“Хабарингиз бор, Сенатда маҳаллий Кенгашлар билан ишловчи Марказ ташкил қилинди. Марказда маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари кунлик мониторинг қилиб борилмоқда. Мониторинг натижаларига кўра маҳаллий Кенгашлар томонидан қонунчиликка зид бўлган қарорлар қабул қилиш ҳолатлари аниқламоқда.

Хусусан, жорий йил бошидан бери 20 га яқин шундай қарор қабул қилингани аниқланди. Шунингдек, айрим ҳудудларда (Фарғона, Наманган) сессия ўтказмасдан маҳаллий Кенгаш қарорларини қабул қилиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Мазкур ҳолатлар бўйича таҳлилларни маҳаллий Кенгашларга ўз вақтида тақдим қилиб боряпмиз.

Умуман бу каби ҳолатлар маҳаллий Кенгашларда жиддий кўриб чиқилиши ва келгусида йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўрилиши лозим” — дея таъкидлаган Норбоева.