Бу ваҳима эмас, шунчаки айни кунларда кўз олдимизда содир бўлаётган аянчли ва даҳшатли ҳодисалар ҳақида кичкина хулоса холос. “Кутилмаган фалокат”, “Тақдири азал”, “Пешона…” дея қанча хаспўшламайлик йўлларимизда юз бераётган аянчли ҳолатлар, инсонлар ўлими бизни озгина бўлса ҳам ҳушёрликка ундаши, мулоҳазага чорлаши керак. Ахир, бу оғир фалокатлар учун фақатгина ҳайдовчиларнинг ўзигина айбдор эмасдир, ҳар ҳолда. Бу ҳодисага олиб келган сабаблар, шароитлар нима учун таҳлил қилинмайди, бунга масъул ташкилотлар нега деярли эсланмайди?..
Куни кеча Сурхондарё вилоятида Tracker автоулови билан даҳшатли ҳалокат содир бўлди. Автомашина нотекис асфальт (гармошка) сабаб бошқарувни йўқотиб, йўл четида тўхтаб турган юк машинасига урилган ва бир уюм темирга айланган. ЙТҲ оқибатида “ажал доми”га айланиб бораётган йўлларимиздаги қурбонлар сони яна бештага кўпайди. Ушбу ҳалокатли хотимага эса носоз ва таъмирталаб йўл сабаб бўлди.
Афсуски, юртимизда содир бўлаётган бундай автоҳалокатларнинг сони кундан-кунга ортса ортаяптики, ҳеч камаймаяпти. Жумладан, Ўзбекистонда 2023 йилда 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 2 282 нафар фуқаро вафот этган. Демак, 2023 йилда ЙТҲлар ортидан кунига 6-7 нафар инсон қурбон бўлмоқда.
Статистикага кўра, автоҳалокатлар кўпинча, Сурхондарё, Жиззах, Бухоро вилояти ва Қамчиқ довони ҳудудларида юз беради. Бунинг энг асосий сабаби йўлнинг таъмирталаб ва носоз ҳолати, йўл белгилари ва машиналар қатнови учун йўналишларнинг мутлақо ўнғайсиз тарзда қурилгандир.
Жиғилдонга ҳазм бўлган бюджет пуллари
Ҳар йили йўл қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш ва уларни таъмирлаш учун бюджетдан миллиардлаб маблағ ажратилади. Аммо афсуски, бу пулларнинг каттагина қисми айрим амалдорлар жиғилдонига ҳазм бўлмоқда. Бироз олдинги йиллардаги маълумотларга эътибор қилинг.
2020 йилда йўл ва кўприк қурилиш соҳасида бюджетдан ажратилган пулларни ўзлаштириш ҳолати бўйича 40 га яқин жиноят иши очилган. Уларда йўллар қурилишидаги коррупцион ҳолатлар бўйича 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торож қилинган фош бўлган.
2021 йилда йўлларини қуриш-таъмирлаш, йўл хўжалигидаги ташкилотларни сақлаш учун давлат бюджетидан 10,1 трлн сўм маблағ ажратилган. Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2021 йил якунлари бўйича умумий тушумлари эса 4,2 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 4,04 млрд сўм маблағ сарфланган.
2022 йилда йўл реконструкцияси учун 7,8 трлн сўм ажратилиши назарда тутилган. 2022 йилнинг биринчи ярмида ажратилган маблағларнинг 3,1 трлн сўми ёки йиллик режага нисбатан 41 фоизи ўзлаштирилган. Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2022 йил биринчи ярмидаги умумий тушумлари 1,8 трлн сўмни, харажатлари 820,9 млрд сўмни ташкил этган. 2021-2022 йилларда 45 та ҳолатда 34,5 млрд сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланганлиги аниқланган.
Унутилган ваъда ҳамда янги бизнес
Бундан икки йил муқаддам Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг ўша вақтдаги васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов айнан йўллардаги муаммолар масаласини кўтариб, йўлларни тартибга солиш бўйича учта таклиф билан чиққан эди.
Биринчи. Аввало, йўл инфраструктурасини бутунлай такомиллаштириш, жамоат транспортлари қатновини яхшилаш, йўлларда айниқса, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратиш.
Иккинчи. Йўллардаги назорат тизимини тўлиқ рақамлаштириш, қоидабузарлик учун жавобгарликни кескинлаштириш.
Учинчи таклиф – ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ўқитиш, имтиҳон тизимларини ислоҳ қилишдан иборат эди.
Ҳа, Алламжонов таклифлари амалга ошди. Фақат янги бизнесга айланган учинчи таклифгина тўлиқ рўёбга чиқди. Хусусан, 2022 йилнинг бошида Ўзбекистонда Комил Алламжонов томонидан асос солинган ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун биринчи ва ягона имтиҳон маркази ташкил этилди. Мамлакатда ҳайдовчилик гувоҳномасини олмоқчи бўлган ҳар бир киши фақат ўша ягона имтиҳон марказида синовдан ўтадиган бўлди.
Ушбу ҳолатга эса, Алламжонов “Бу монополия эмас, менга бу ёрлиқни ёпиштиришга уринманглар. Ҳукумат шундай қарор қабул қилди, мен ҳам фуқаро сифатида бу имкониятдан фойдаланиб, лицензия олдим ва тизимни жорий қилдим” қабилида жавоб берди.
Шунинг билан, Алламжонов йўллардаги муаммолар ҳақида бошқа гапирмай қўйди. Йўллардаги аянчли ҳодисалар ва ЙТҲ қурбонлари сони эса ўша-ўша ўсиб бормоқда. Йўлларни реконструкция қилишдаги ислоҳотлар масаласи ва таклифлар сўздагина қолди.
“Чала” иш учун ким жавоб беради?
Сўнгги 6 йилда мамлакатда йўллар қуриш ва таъмирлашга ажратилаётган маблағлар 3 карра ошган. Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхоналарга 2 мингдан зиёд махсус техника харид қилинган. Булар орқали 65 минг километр йўллар қурилган ва таъмирланган.
Ҳа, мамлакатда минглаб километр ерларга асфальт ётқизиляпти, аммо миллиардлаб пулнинг бошини еган бу асфальтнинг бир йилга чидамасдан ўпирилиб кетишига қандай изоҳ бериш мумкин? Масалан, жорий йилнинг март ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги 30 километрдан ошиқроқ, 40 йил деганда эндигина таъмирдан чиқазилган йўл сел келиши оқибатида қоқ иккига бўлиниб кетган. 2023 йилда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ташаббуси билан ётқизилган асфальт 33 млрд сўмнинг бошини еди холос.
Бу хамир учидан патир, чекка ҳудудлар бир томонда қолиб, пойтахт кўчаларига ётқизилган асфальтлар ҳам кўпга чидамай, ишнинг чала ва юзаки қилинганини исботлаб турибди. Яқинда Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган марказий кўчалардан бирида асфальт ўпирилиб тушди. Март охирларида Қарши туманида ҳашар йўли билан қурилган кўприк қулаб тушди. Февралда ҳам Қашқадарё вилоятидан ўтувчи автомобиль йўлидаги кўприк қулаб тушган эди. Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳудудидан ўтган, пойтахтни 8 та ҳудуд билан боғловчи йўлда қулаб тушган зовур кўприги ҳали ҳамон битгани йўқ. Ҳолбуки ўша йўқ капитал таъмирдан чиққанига ҳали бир йил ҳам бўлмаган эди.
Бу ҳолга масъуллар “кейинги сафар диққатлироқ бўламиз, бундай ҳолларга йўл қўймаймиз, тез орада орада мамлакат йўллари жаҳон стандартлари талабларига жавоб беради” қабилидаги иддао ва бир қучоқ лофлар билан одамлар қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди ва тўлдирмоқда.
Шу ўринда бир савол туғилади, мустақилликка эришганимизга 30 йилдан ошганига қарамай, ҳар сафар йўллар муаммоси давомийлигича қолмоқда, қарийб 32 йилдирки аҳоли текис ва равон йўллар орзусида куяди. Соҳадаги камчиликлар, коррупцион ҳолатлар ва адолатсизликларга қачон барҳам берилади, қачон Ўзбекистон йўллари ҳам биз мақсад қилгандек жаҳон стандартлари қаторидан ўрин олади?
Яна юқоридаги гапга қайтамиз. Йўлларимизда кимдир вафот этаётган, қурбон бўлаётган экан, нафақат йўл-транспорт ҳодисалари иштирокчилари, балки ўша йўлни қурганлар, ўша йўлларга белгилар ўрнатаётганлар, ўша йўллар учун асфальт ишлаб чиқараётганлар – ҳамма-ҳаммаси бирдек жавоб бериши керак. Жавоб бериши шарт!
Ўша йўлларда қурбон бўлаётганлар ҳам кимларнингдир фарзанди, ота-онаси, жигаргўшаси ахир. Уларнинг ўрнида ҳамма бўлиши мумкин. Чунки ҳаммамиз шу йўллардан юрамиз. Фақат шу носоз йўллардан мутасаддилар юрадими-йўқми – бу бизга қоронғи. Акс ҳолда озгина бўлса ҳам виждони қўзғалган бўлармиди…
Нилуфар Убайдуллаева