Самарқандда ўқувчи севги изҳор қилгани сабаб “самосуд” қилинди

9-синф ўқувчиси 6-синф қизга севги изҳор қилгани туфайли қизнинг акаси томонидан дўппосланиб, сочи ва қоши қириб ташланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида мактаб ўқувчисининг “самосуд” қилингани айтилган хабарлар юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.


Таъкидланишича, 16 май куни Паст Дарғом тумани ИИБга 2009 йилда туғилган боланинг тан жароҳати олганлиги ҳақида унинг онасидан ариза келиб тушган.


Маълум бўлишича, бола тумандаги 20-мактабнинг 9-синфида таълим олади. У шу мактабнинг 6-синф ўқувчисига севги изҳор қилган, сўнг қизнинг акаси бундан хабар топган. Қизнинг акаси 15 май куни болани ўз уйининг ичига олиб кириб, унга тан жароҳати етказган. Шунингдек, эркак гўёки боланинг таъзирини бериш мақсадида боланинг сочи ва қошини қайчи билан қирқиб, уйидан чиқариб юборган.


Вазият Болалар омбудсмани назоратига олинган. Хабарда тергов давомида вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилаётгани, қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўқувчи йигитнинг сочи, қоши қирилганидан ташқари елкаси ҳам синдирилгани айтилганди. 30 ёшли эркак бу ишни бола синглиси билан ҳазиллашгани ортидан қилгани таъкидланганди.


Ҳолат юзасидан Паст Дарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган