Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Афғонистонда кузатилган кучли сел-сув тошқинларида зарар кўрган аҳолига кўмак кўрсатиш, уларни зарур воситалар ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон номидан инсонпарварлик юклари карвони «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва ва 44 тонна макарон маҳсулотлари, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон, шунингдек, 10 кишилик 100 та махсус қурилмали чодир ва 1 000 литрли 96 та сув сақлаш идишлари ўрин олган.
Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов ҳамда Афғонистоннинг Балх вилояти расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Афғонистон томони вакиллари Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқига оғир пайтда кўрсатилаётган ёрдам учун ўз миннатдорликларини билдиришди.