МБ раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраевнинг айтишича, Исломий банкинг тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, у жорий йилда парламентга киритилади. Яқин вақт ичида микромолия ташкилотларида исломий молиявий хизматлар тўғрисидаги меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилиниши кутилмоқда.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида камида учта тижорат банкида исломий молиялаштириш мезонлари ва тартибларини жорий этиш ҳамда исломий молиялаштиришнинг қонунчилик базасини шакллантириш вазифаси белгиланган.
Президентнинг 2022 йил августи ва ўтган йили бўлиб ўтган тадбиркорлар билан учрашувларида шу масала (исломий молия — таҳр.) кўтарилган эди. Ўшандан бери бу борада турли вазирликлардан иборат ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда. Бир нарсани тушуниш керак: бу жуда янги ва мураккаб соҳа бўлиб, у кўплаб қонун ҳужжатларига, жумладан, гаров тўғрисидаги, судлар тўғрисидаги, банклар тўғрисидаги ва Марказий банк тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Ҳозир қонун лойиҳаси тайёр, мен аввалроқ айтганман, бизнинг вазифамиз ҳужжатни 2024 йилда парламентга киритиш.