Ҳукуматнинг 2024 йил 5 мартдаги қарори билан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (“суюнчи пули”) тайинлаш тизимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Хўш, янги тартиб қандай йўлга қўйилди?
Янги тартибга кўра, “суюнчи пули”ни тайинлаш тўрт босқичда, бола туғилгандан бошлаб олти ой муддат ичида амалга оширилади.
Дастлаб, фуқаро Давлат хизматлари марказига (ДХМ) борган ҳолда янги туғилган фарзандига бир марта бериладиган нафақа тайинлашни сўраб ариза ёзади. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДXП) рўйхатдан ўтади ва махсус сўровномани тўлдиради. Иккинчи босқичда тўлдирилган сўровномани электрон шаклда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига юборади.
Учинчи босқичда агентлик сўровномага асосан, нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш бўйича қарор қабул қилади ва бу ҳақдаги маълумотни ДХМ ёки ЯИДXПга онлайн юборади.
Тўртинчи босқичда ДХМ ариза берувчига янги туғилган бола учун нафақа тайинланган ёки тайинланмагани бўйича хабар етказади. Агар “суюнчи пули” тайинлаш рад этилса, сабаблари келтирилади. Нафақа пули тайинланса, уни қачон ва қаердан олиш мумкинлиги тўғрисида маълумот берилади.
Нафақа тайинланган тақдирда ота ёки она бола туғилгандан бошлаб 1 ой муддат ичида “суюнчи пули” олиш учун (шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан) “Халқ банки”нинг исталган филиалига боради.
Яна бир янги тартиб
Ҳукумат қарори билан 2024 йил 1 апрелдан бошлаб фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанди учун барча аёлларга тўланади.
Иккинчи фарзанди учун эса фарзанд туғилган пайтда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади. Қолган барча ҳолатларда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини расмийлаштириш рад этилади.
“Суюнчи пули” миқдори қанча?
Ҳозирда бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа миқдори 738 150 сўм. Бу ҳисоб қонунчиликка асосан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизига тенг. Айни пайтда республикада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 миллион 50 минг сўм.
Таққослаш учун, 2018 йилда туғилган болалар сони 768,5 минг нафарни ташкил этиб, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақани олиш учун 681,7 минг (88,7 фоиз) фуқаро мурожаат қилган.
Жорий йилдан кам таъминланмаган оилаларда туғилган иккинчи фарзанд учун “суюнчи пули” берилмаслиги ҳисобига бир марталик нафақа тайинлашлар улуши сезиларли камайиши мумкин.