Ижтимоий тармоқларда қурилиш ишлари кетаётган собиқ МХХ биноси ҳудудидаги дарахтлар кесилиб, олиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шундан сўнг, Экологик Партия Бош прокуратура ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ушбу ҳолатга чора кўрилишини сўраган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассислари воқеа жойида ўрганиш ўтказишди.
Вазирликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси маълум қилишича, 26 та эман дарахти кесилмасдан бошқа ҳудудга кўчириб ўтқазилаётган экан.
“Дарахтларни кўчиришда барча агротехник тадбирлар олиб борилмоқда, дарахтлар яшаб кетиши учун зарур ўғитлар, озуқа моддалари билан таъминланмоқда. Бошқа ҳудудга кўчирилган дарахтлар тўлиқ яшаб кетади ва бунинг учун барча зарур чора-тадбирлар олиб борилади”, — деди мутахассис.
Мутахассисга кўра, кўчирилган дарахтлар яшаб кетиши учун 3 йил давомида назоратга олинади.