“Сув текин” бўлиши керак эмас – “Ўзсувтаъминот”

АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш: амалга оширилаётган ишлар, ечимини кутаётган масалалар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.

“Сўнгги 7 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга 20 трлн сўмга яқин маблағ йўналтирилди. (олдинги 25 йилга нисбатан 8 баравар кўп). Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 916 та сув иншооти ва 43 минг кмга яқин ичимлик суви тармоқлари тортилди”, – дейилади хабарда.

Ушбу давр мобайнида 8 миллионга  яқин аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 14,5 миллион нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

2024 йил январь ҳолатида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминлангганлик даражаси 77,2 фоизни ташкил этади.

Ичимлик суви тарифлари арзонлиги ундан хўжасизларча фойдаланиш, ичимлик сувига беписандлик билан муносабатда бўлиш омилларидан бири ҳисобланади. Соҳадаги мавжуд вазият аҳолини сув билан таъминлаш масалаларида бозор нархлари механизмларига ўтиш заруратини тақазо қилди.

Бу эса соҳага инвестицияларни жалб этиш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва янгиларини қуриш имконини беради.