Қозоғистонда 28—30 май кунлари навбатдаги циклон ва у билан боғлиқ атмосфера фронтларининг таъсири остида деярли бутун ҳудудида ёғингарчилик кузатилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Казгидромет” хабар берди.
Синоптиклар берган маълумотга кўра, 28 май куни мамлакатнинг шимоли ва шарқида кучли ёмғир ёғади, кечаси эса улар қорга айланиши мумкин. 28 майда ғарбда, шимолда ва марказда, 29—30 май кунлари эса Қозоғистон шарқида кечаси 3 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда. Фақат мамлакат ғарбида ёғингарчилик кузатилмайди, ҳаво ҳарорати аста-секин исиб боради.
Маълумот ўрнида, ўтган дам олиш кунлари Қозоғистонда ғайриоддий совуқ кузатилганди. Мамлакатнинг кўплаб магистрал автомобиль трассаларида тўсатдан қор ёғиб, ҳаво ҳароратининг -3 даражагача пасайиб кетгани ҳайдовчиларга қийинчиликлар туғдирди.
“Казгидромет” Олмаота филиалининг метеорологик прогноз бўлими бошлиғи Даулет Кисебаев бу нормал ҳолат эканини тушунтирди. У нолдан паст ҳароратлар бўйича рекорд 1931 йил 4 майда кузатилганини айтди.