Бўка ва Попда умумий қуввати 763 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қурилади

Жорий йил 24 майда Тошкент вилоятининг Бўка ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманларида хорижий инвесторлар ёрдамида қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғини қуришга доир Президент қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ, Хитойнинг «China Datang Overseas Investment Co Ltd.» компанияси Тошкент вилоятининг Бўка туманида қуввати 263 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғини қуради. 

Инвестор юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда дастлабки баҳолаш бўйича жами 150 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мажбуриятини олади.

Шунингдек, Германиянинг «Hyper Partners GmbH» компанияси томонидан Наманган вилоятининг Поп туманида ҳам қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқлари қурилади.

Инвестор юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, дастлабки баҳолаш бўйича жами 350 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мажбуриятини олади.