Ижтимлий тармоқ саҳифаларида мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ремонт учун пул йиғимини амалга ошираётгани ҳақидаги хабар тарқалган эди.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси эса бунга изоҳ берди.
Аниқланишича, Сергели туманидаги 6-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 4-синф ўқувчилари ота-оналари телеграмм гуруҳида улар мактаб маъмурияти ҳамда синф раҳбарини огоҳлантирмасдан ўзбошимчалик билан пул йиғимини амалга оширмоқчи бўлишган ва ўзаро муҳокама қилишган.
Ушбу мурожаат юзасидан мактаб маъмурияти, синф раҳбарлари, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Унда барча қатнашчилар ҳеч қандай пул йиғимларини амалга оширмасликлари бўйича огоҳлантирилиб, “ташаббускор” ота-оналардан тушунтириш хатлари олинган.
Бизнингча, берилган бу муносабатда нимадир хато. Худдики, «Сусамбил» эртагига ўхшайди. Мактабларда ҳар ўқув йили якунида пул йиғилиши узоқ йиллардан буён анъанага кирган ҳолат. Устига-устак, ҳеч бир ота-она ўзи истаб синф ремонти учун ёнидан пул ажратишни истамайди, илло, бу масаланинг муаммо даражасига кўтарилишига ҳам, айнан ота-оналарнинг норозилиги сабаб бўлган эди.
Бир томондан олиб қаралса, ремонт учун пул йиғимларининг амалга оширилишида синф раҳбарлари ёки директорни айблаб ҳам бўлмайди. Чунки, йил сўнггида мактаб таъмири учун бюджетдан деярли маблағ ва ёрдам ажратилмайди. Оқибатда ҳомий топа олмаган мактаб масъуллари ёлғон тўқишга, ёинки, мана шундай «ташаббускор йиғимлар»ни «ташкиллаштиришга» мажбур бўлиб қолади.