UzAuto Motors биринчиликни бой берди (видео)

Қозоғистонда Chevrolet русумидаги автомобиллар сотуви камайиб кетди ва лидерликни Hyundai бренди эгаллади. Chevrolet эса, иккинчи ўринни эгаллган KIA дан сўнг учинчи ўринга тушди.

2024 йилнинг 4 ойида Қозоғистонда Chevrolet бренди остидаги автомобиллар сотуви 3 баробарга камайди. Қозоғистон UzAuto Motors’нинг энг катта экспорт бозори ҳисобланади.

Жорий йил апрел ойида Қозоғистонда Chevrolet бренди остида 1477 дона автомобил сотилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 баробарга кам.

2024 йилнинг январ-апрел ойларидаги Қозоғистонда сотилган Chevrolet автомашиналарининг умумий кўрсаткичи 4 814 донани ташкил этган. Аммо, ўтган йил айни шу вақти давомида 14 336 та Chevrolet автомобили харид қилинган. Бу эса Chevrolet сотуви ўтган йилга нисбатан 63.1 фоизга камайди деганидир.

Маълумот учун, Қозоғистон UzAuto Motors’нинг энг катта экспорт бозори ҳисобланади. Ўтган йил давомида ўзбекистонликлар учун ҳамёнбоп автомобилларга контрактация ёпиқ бўлган пайтда ҳам, қозоғистонликларга чегирма ва қулайликлар асосида машина етказиб берилган эди.

Компания ўз расмий саҳифаларида “Chevrolet Қозоғистон бозорида лидерликда давом этади” сарлавҳаси билан хабарлар ҳам жойлаштирганди. Жорий йилда ушбу лидерлик Hyundai ва Kia’га бой берилган.