Сирдарёдаги лак-бўёқ омборида ёнғин юзага келди

Жорий йилнинг 1 июнь куни соат тахминан 21:35 ларда Гулистон шаҳар ҳудудида жойлашган лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш омборида ёнғин юзага келган.

ФВБга келиб тушган хабарга кўра, воқеа жойига зарурий ёнғин-қутқарув автомобиллари ва воситалари жалб этилган.

“Содир бўлган ёнғиндан бинонинг том қисми ҳамда бино ҳудудида бўлган иккита юк ташувчи автомобил қисман зарарланган. Ёнғин-қутқарув экипажлари томонидан ёнғин соат 23:35 да тўлиқ ўчирилган”, – дейилади хабарда.

Ҳодиса оқибатида инсонларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари кузатилмаган. Ёнғин бартараф этилиши Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.