31 та ҳокимлик 2023-йилда мактаб қайта таъмирлаш учун пул ажратмаган

2023-йилда республика миқёсида мактаб таъмири учун ажратилган маҳаллий бюджет маблағлари 135 миллиардни ташкил этган. Аммо 31 та туман ва шаҳар ҳокими мактаб қайта таъмирлаш учун пул ажратмаган.

Мавжуд қонунчиликка кўра, мактабларни янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади.

“Вазирлик маҳаллий ҳокимликларга бу борада топширилган вазифалар ижросини мониторинг қилиб боради. Таълим масканлари таъмири учун бюджетдан ажратилаётган пуллар тўғридан- тўғри ҳокимликлар балансига бориб тушади”, дея изоҳ беради Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова.

Таъкидланишича, Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомга мувофиқ, мактаблар фаолиятини молиялаштириш тегишли харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.