Келгуси ой бошидан Ўзбекистонда автомобиллар импорти учун божхона тўловлари камайтирилиши мумкин

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2024-йил 1-августгача божхона тўловларини ЖСТ (Жаҳон савдо ташкилоти) стандартларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Президентнинг «Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг 10-бандида қайд этилишича, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо билан боғлиқ инвестиция чоралари тўғрисидаги битимга (ТРИМс), шу жумладан, маҳаллийлаштириш ёки экспорт қилиш бўйича мажбуриятларни қўлламаслик талабларига мослаштириш мақсадида 2024-йил 1-августга қадар бир қанча вазифалар бажарилиши белгиланган.

Унга кўра, Энергетика вазирлиги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган барча маҳсулот тақсимотига оид битимларнинг тўлиқ хатловини;

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан имзоланган барча инвестиция битимлари хатловини якунига етказиши ва уларнинг якунлари бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиши зарур.

Маълумот учун, автомобил импортига янги божларнинг аниқ қиймати номаълум бўлса-да, ЖСТ мамлакатларида ўртача бож 15 фоизни ташкил қилади.