Гулбадан Бегим: Жасур Мўғул маликасининг эпик саёҳати

1576-йилнинг кузида Мўғул маликаси қироллик аёллари гуруҳини муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига мисли кўрилмаган саёҳатга олиб чиқди. Мўғул Ҳиндистонида биринчи марта аёллар исломнинг беш устунидан бири ҳисобланган «Ҳаж» деб номланган муқаддас зиёратга борди. Гулбадан Бегим(53ёш) ва қироллик хонадонидан 11 нафар аёл 6 йилга чўзиладиган саёҳатга Фатеҳпур саройидаги ҳарамхонадан чиқиб кетишди. Аммо бу ажойиб саёҳатнинг тафсилотлари тўлиқ ёритилмаган. Олимлар фикрига кўра , бунинг сабаби эркак сарой тарихчиларининг ҳаракатсизлиги ёки саёҳатчи аёлларнинг «ҳаёси ва муқаддаслиги» ни сақлаб қолиш учун бўлиши мумкин.


Гулбаданнинг Маккага зиёрати жасорат ва меҳрибонлик ҳаракатлари билан бир қаторда исён билан ҳам ажралиб турарди, бу ҳақда ёзувчи ва тарихчи Руби Лал ўзининг “Вагабонд Принcесс: Тҳе Греат Адвентурес оф Гулбадан” китобида таъкидлаган.


Гулбадан Бегим Мўғуллар империясининг биринчи ва ягона аёл тарихчиси ҳисобланланиб, ўз ҳаётий тажрибаларини “Ҳумоюннома”да баён этган бўлса-да, китобда унинг саёҳати ҳақида батафсил маълумотлар йўқ. Дарҳақиқат, унинг китоби тўлиқ эмас, бир неча саҳифалари йўқолган.


“Бундай қудратли аёлнинг ўзига хос саёҳати атрофидаги сукунат кўп нарсадан далолат беради”, дейди Лал ўзининг усмонлилар тарихи, форс ва мўғул қўлёзмалари ва бошқа турли манбаларни ўрганиш орқали маликага бағишлаган тадқиқотида.


Гулбадан 1523-йилда Кобулда Бобурнинг учинчи энг кекса хотини Дилдор Бегим оиласида туғилган. У туғилган вақтда отаси Ҳиндистонни забт этишни режалаштирётган эди. Малика тез орада отасини кўп урушлар оралиғида қилган қисқа ташрифлари пайтида кўришга кўникиб қолади ва бу ажралиш унинг оиласидаги қудратли одамлар — отаси, ўгай укаси Ҳумоюн, жияни Акбар билан деярли барча муносабатларини белгилайди.


Эркаклар узоқ-яқин ўлкалар устидан ҳукмронлик қилиш учун қонли жангларда юрганларида, Гулбадан кучли аёллар – императорнинг онаси, хола ва опа-сингиллари, хотинлари ва уларнинг қизлари даврасида улғайган. Улар сарой ишларида муҳим рол ўйнаган, подшоҳлар ва шаҳзодаларнинг маслаҳатчиси бўлган.


Кичкина маликанинг болалиги ҳам ҳаракат билан ўтди — у 6 ёшида отаси Ҳиндистонни эгаллаб олганидан кейин Кобулдан Аграга саёҳат қилган биринчи мўғул қизига айланди. Афғон қироли Шер Шоҳ Сурий оиласини Ҳиндистондан қувиб чиқарганидан кейин у болалик даври бўлмиш Кобулга йўл олади.


«Мўғул аёллари перипатетик турмуш тарзига ўрганиб қолган», дейди Лал. «Улар доимий равишда янги жойларга кўчиб кетишган ёки вақтинчалик лагерларда яшашган… Мўғул маликаси 1500-йилларнинг охирларида жияни Акбардан ҳажга боришга рухсат сўрашига сабаб, эҳтимол, сайрга чиқишни хоҳлагани бўлиши мумкин» , деб ёзади тарихчи.


Акбарнинг энг катта орзуси Мўғуллар сулоласининг ҳукмронлигини ўрнатиш эди ва у Ҳиндистонда шу мақсад сари шахдам қадам ташлаб, “ўзини муқаддас, бенуқсон руҳиятли шахс сифатида кўрсата бошлади”. У барча мўғул аёлларини биринчи бўлиб девор билан ўралган ҳарамга жойлаштиришни буюргангани бунинг далилидир.


Аммо бу турғунлик Гулбадан Бегимни безовта қилди ва шунинг учун у 1576-йил октябрь ойида бошқа подшоҳ аёллари билан Маккага ҳаж сафарига йўл олди ва Акбаршоҳдан кўмак сўради. Акбар ўзи томонидан қурилган биринчи иккита катта Мўғул кемаларини — «Салим» ва «Илоҳий»ни саёҳат қилиш учун жалб қилди.

Қирол зобитлари минглаб рупийлик нақд пул ва 12 000 «фахрий либос», тарқатиш учун кумуш ва олтин тангалар билан тўлдирилган олтин билан қопланган сандиқларни кемаларга олиб борган. «Аёл-у эркак, ёш-у қари, болалар ва қизлар — ҳамма қизил қумтошли Мўғул пойтахти Фатеҳпур саройи кўчаларидан олиб кетилаётган тилла тўла сандиқларни томоша қилиш учун тизилишди», деб ёзади Лал ўз китобида.


Аммо саёҳат бошиданоқ хавфли эди. Маккага борадиган денгиз йўли мусулмон кемаларини талон-тарож қилиш билан машҳур бўлган португалларнинг назорати остида эди. Форс орқали ўтадиган қуруқлик йўли ҳам худди шундай хавфли эди. Гулбадан ва унинг ҳамроҳлари португалияликлардан хавфсиз ўтишга муваффақ бўлмагунча, деярли бир йил Сурат портида қолиб кетишди. Улар тўрт ҳафта давомида Араб денгизи бўйлаб сузиб , Жиддага ўтиб олишди ва туяларда иссиқ чўл қумларида бир неча кунлаб йўл босиб, Маккага етиб келишди.

Бироқ Гулбадан Бегимнинг саёҳатининг энг қизиқарли босқичи Маккага ташриф буюрганидан кейин содир бўлди, чунки у ва унинг гуруҳи кейинги тўрт йил давомида Арабистонда қолишни танлади.


“Ҳарамни тарк этишга бир овоздан қарор қилган ҳолда, улар ҳам худди шундай саҳроларда сарсон, мужовир (руҳий мусофир) бўлишни танладилар”, деб ёзади тарихчи Руби Лал. Бу ерда Гулбадан ҳамроҳлари билан хайр-садақа қўлини кенг очиб , халқнинг оғзига тушди. Мўғул маликасининг хайрихоҳлиги усмонлилар султони Муродни ғазаблантирди ва бу хатти-ҳаракатларни Акбаршоҳнинг сиёсий қудратига куч қўшади дея ўйлади.


Шундай қилиб, Султон ўз одамларига бир варакайига 4 фармон юбориб, Гулбадан ва мўғул аёлларини Арабистондан чиқариб юборишни буюрди. Бироқ ҳар сафар Гулбадан Бегим кетишдан бош тортарди. «Бу мўғул аёлининг мисли кўрилмаган қўзғолон ҳаракати, озодлик истагига қанчалик содиқлигини кўрсатарди», дейди Лал.


Ниҳоят, султон унинг қайсарлигидан қаттиқ норози бўлиб, «на-мешру» (туркчасида «аёлларга нисбатан ноўрин ёки нотўғри ҳаракат») жазосини қўллаган, бу жазо шу қадар оғир ҳисобланганки, Акбарнинг норозилигига сабаб бўлган. Айнан шу бешинчи фармондан кейин 1580-йилда Гулбадан ва унинг хамроҳлари Арабистонни тарк этди, шунингдек, уларнинг карвони 1582-йилда Фатеҳпур саройидан 60 км (37 миля) ғарбда жойлашган Ханва шаҳрига етиб келди.


Гулбадан Бегим қайтганида эса, халқ уни “навоб” (ҳукмдор) сифатида олқишлади ва, ҳатто, Акбаршоҳ ҳукмронлигининг улуғворлиги хроникаси “Акбарнома”га ягона аёл сифатида ҳисса қўшишга таклиф қилинди. “Акбарнома”нинг бутун бир қисми Гулбаданнинг Макка сафарига бағишланган бўлса-да, унинг Арабистонда бўлган вақти ва султон Муроднинг қилмишлари китобда ҳам, бошқа манбаларда ҳам тилга олинмаган.

Давронова Динора