Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистонга ишлаш учун бораётган фуқароларни огоҳлантирди

Жорий йилнинг 3 июнь кунидан бошлаб, Қозоғистон Республикасининг барча ҳудудларида миграция соҳасида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида “Нелегал-2024” рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Ушбу рейд тадбирлари давомида Қозоғистон ҳудудида қонуний бўлиб туриш ва қонуний меҳнат миграцияси тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, қонунбузилиш ҳолатлари Олмаота, Остона, Чимкент шаҳарлари ва Мангистау вилоятида кўп учрамоқда.

“Шу муносабат билан, ушбу давлатга бораётган ва бўлиб турган юртдошларимиздан миграция қоидаларига риоя қилиш сўралади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудудида 30 кун муддатгача бўлиб туриши мумкин, аммо ушбу давр мобайнида меҳнат фаолиятини амалга ошириши тақиқланади” дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ишлаш учун ушбу давлатга борган шахсдан дарҳол ишлаш учун ва вақтинча яшаш учун рухсатнома олиш талаб этилади.