Қотилга ёрдам берган ва жиноятни яширган профилактика инспекторлари қамалди

30 ва 31 ёшли инспекторлар жиноятни қасддан яшириб, калтакланган жабрланувчини тез тиббий ёрдам хизматига олиб бориш ўрнига омборхонага жойлаштириш орқали унинг ўлимига сабаб бўлишган. Сурхондарё вилояти суди адвокатларнинг оқлов ҳукми чиқариш ҳақидаги шикоятини рад этиб, дастлабки ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг 2023 йил 8 сентябрдаги ҳукмига кўра (мазкур суд ҳукми билан марҳумни калтаклаган Н.А. ва М.А. ҳам судланган), А.Х.га 2,5 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш, Х.Хга эса 3 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 6,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.