Самарқанд ва Тошкент вилоятларида МЧЖларни қасддан банкротликка олиб келиш ҳолатлари аниқланди

 
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Sh.B.” МЧЖ раҳбари Ф.А. МЧЖ Самарқанд шаҳри, Фирдавсий кўчасида қурилган кўп қаватли уйларнинг 70 та хонадонини яқин қариндошлари ва танишларининг номига расмийлаштириб бериб, жами 10,5 млрд сўмни МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, МЧЖни қасддан банкротлик ҳолатига олиб келганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Оҳангарон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “O-Т.” МЧЖ раҳбари И.К. “A.” хусусий корхонасидан харид қилинган 346,9 млн сўмлик дори воситалари сотувидан тушган маблағларни МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилмасдан “O.-Т.” МЧЖни қасддан банкротлик ҳолатига олиб келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 181-1-моддаси (қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.