Ҳали қурилиши ҳам бошланмаган турар-жой комплекси содда халққа пулланяпти

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида  «Салом Нурафшон» турар-жой комплексида хонадонлар ўртача нархларда аҳолига сотилаётган экан. Аммо 2025 йилда фойдаланишга топширилиши айтилаётган ушбу бинога ҳали биронта ғишт ҳам қўйилмаган.  Бу ҳақда блогер Мирсаид Хайдаров ўзининг шахсий блогида маълум қилди.

Унинг ёзишича, сотувга қўйилган уйларнинг фойдаланишга топшириш муддати 2025 йил сентябрь ойи этиб белгиланган.

«Салом Нурафшон» турар-жой комплекси «SALOM NURAFSHON ART CITY» МЧЖ томонидан қурилаётган экан. МЧЖ ташкил этилган вақтида устав капитали бор-йўғи 12 млн сўмни ташкил этган, ҳозирда 1 млрд сўмга яқинлашиб қолган. Устав фонди катта эҳтимол билан  хонадон сотиб олувчиларни ҳисобига ошаётган бўлиши мумкин.

«Чунки новастройкаларда, одатда, хонадон сотиб олувчилар улушдор сифатида расмийлаштирилади. Яъни, ўзларини ухлатаётган компанияга ўзлари шерикка айланади», дейди блогер.

Маълум бўлишича, «SALOM NURAFSHON ART CITY» МЧЖ ўтган йили август ойида Нурафшон шаҳри «Нурафшон бизнес сити» ҳудудидан 16 қаватли уй-жойларни қуриш учун ер майдонларни муддатли тўлов асосида сотиб олган.

«SALOM NURAFSHON ART CITY» МЧЖ — қурилиш ташкилотлари рейтингида 1-қуйи даражани эгаллаган.

Аммо, Тошкент вилояти ҳокимлик «манбаларининг» маълум қилишича, юқорида кўрсатилган кўп қаватли турар жой биносини лойиҳаси ҳали ишлаб чиқилмаган, лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган.

Ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳам қурилиш ишларини бошлаш учун рухсатнома ҳам бермаган.

Унинг ёзишича, маҳаллий аҳоли ер майдони олинганига 9 ой вақт ўтган бўлишига қарамай, қурувчи томонидан қурилиш объектида ишлар ҳали ҳамон  бошланмаганлигини айтишган.

Аммо, ҳали йўқ квартираларнинг кўпи сотилиб бўлган.