Бугун президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида энергия самарадорлиги, кўп қаватли уйларни бошқариш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Мазут ва кўмир икки йилга бождан озод қилинади
Мазут ва кўмир икки йилга бождан озод қилинади. Кўмир импорти учун уч йил муддатга револвер кредитлар берилади.
Мутасаддилар ва ҳокимлар олдига яқин муддатда аҳоли ва ижтимоий соҳа учун 1 миллион 200 минг тонна, йил якунигача яна шунча кўмир етказиб бериш, 1 октябргача 600 минг тонна кўмир ва 350 минг тонна мазут захирасини яратиш вазифаси қўйилди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 14 трлн сўм ажратилади
Ўтган йили куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 14 трлн сўм ажратилган эди. Бу йил ҳам шу мақсадлар учун яна 14 трлн сўм ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 10 июн кунги йиғилишда айтиб ўтди.
“Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – дея мутасаддиларни огоҳлантирди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш боис айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмаганини таъкидлади. Чунки баъзи кўп қаватли уйлардаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлган.
Мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди. Ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилди.
Расмий релизга кўра, ўтган йили электр ва газни тежаш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинган. Хонадонлар ва ижтимоий объектларда ўрнатилган қуёш коллекторлари ҳисобига 20 миллион киловатт тежалмоқда.
Саноат корхоналари ҳам “яшил энергия” манбаларини жорий қилмоқда. Масалан, “Ўзбеккўмир” тизимида қуёш коллекторлари ва иссиқлик насослари ўрнатилгани ҳисобига йилига 150 минг киловатт электр иқтисод қилинмоқда.
Лекин айрим ҳудудларда ишлар суст бўлгани учун электр иқтисод қилиш режаси тўлиқ бажарилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилда 580 та мактаб, 169 та боғчанинг энергия самарадорлигини ошириш режалаштирилган.
Янги ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкорлик бўйича қатъий талаб киритиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, иссиқ ойларда маъмурий ва тижорат объектларини совутишга қиш билан бир хил энергия сарфланаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, корхона, савдо ва сервис биноларида энергия самарадорлиги бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш топширилди.
Мутасаддиларга 1 мингта ижтимоий объектни куз-қиш мавсумига тайёрлаш топширилди. Жумладан, 251 та шифохона, 292 та боғча, 393 та мактаб ва интернат таъмирланади.
Президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлади.
Ҳар бир ҳокимга 1 тадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топширилди. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.
“Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт”, – деди давлат раҳбари.
Бошқарув компаниялари аҳоли ва коммунал ташкилот ўртасида “кўприк” бўлиши кераклиги қайд этилди.
Кўплаб бошқарув компаниялари фақат кўчаларни супуриш ва тозалаш, жорий таъмирлаш билан чекланаяпти. Лекин уйлар атрофини ободонлаштириш, том, ички ва суғориш тармоқларини соз ҳолда сақлаб туриш каби асосий вазифалар эътибордан четда қолиб кетмоқда.
Яқинда бошқарув компаниялари хизмати учун тарифнинг энг кам миқдори белгиланди. Энди бошқарув ва эксплуатация сифати ҳам шунга яраша бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бошқарув компаниялари аҳоли ва коммунал ташкилот ўртасида “кўприк” бўлиши кераклиги қайд этилди. Бундан буён икки йилдан ошмаган уйларда, яъни кафолат муддатида муаммо чиқса, пудратчи билан бирга уларни бартараф қилишга масъул бўлиши белгиланди.