Ёзнинг иссиқ ҳарорати инсон танасида айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли бу фаслда гигиена қоидаларига риоя қилиш, нафақат шахсий тозаликни сақлаш, балки касалликларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қуйида ушбу қоидалар ҳақида маълумот берамиз.
- Овқат тайёрлаш ва сақлаш. Биламизки, иссиқ об-ҳавода баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари жуда тез айнийди. Шу сабабли доим тоза ва озода жойларда таомланиш, тез бузиладиган маҳсулотлардан сақланиш зарур. Бозорлар, кўчалар ва йўл ёқаларида сотиладиган уй шароитида тайёрланган овқатлар ҳамда қўлбола ичимликларни асло истеъмол қилманг. Шунингдек, мева ва сабзавотларни яхшилаб ювинг. Гўшт ва сут маҳсулотларини фақат совутгичда сақланг.
- Сув ҳавзаларида чўмилиш. Чўмилиш ҳавзаларидаги ифлосланган сув ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А, Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, очиқ сув ҳавзаларида сузиш турли тери хасталиклари, бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ қаватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши мумкин.
Шу боис доим фақат тоза ва дезинфекция қилинган сунъий сузиш ҳавзаларида чўмилиш лозим. Шахсий сочиқ ва сузиш воситаларини ишлатиш, уларни бегона одамларники билан алмаштирмаслик зарур.
- Қўлларни тез-тез ювиш. Ёз фаслида совун ва антисептик геллар ёрдамида тез-тез қўлларни ювиб туриш терини озода сақлаб, зарарли бактерия ва вируслардан халос этади. Айниқса, овқатланишдан олдин ва кейин ҳамда ташқаридан уйга келганда бу одатни канда қилмаслик лозим.
- Илиқ душ қабул қилиш. Жазирама ҳаво терида бактерияларни кўпайтириши мумкин. Шу боис иссиқ кунларда тез-тез илиқ душ қабул қилиш саломатлик учун фойдали. У инсонни тетиклантириб, танадаги ғуборларни кетказади.
- Ҳожатхонадан фойдаланиш. Жамоат ҳожатхоналаридан фойдалангач, албатта, қўлларни совунлаб ювиш керак. Агар бунга имкон бўлмаса, антисептик воситаларни ишлатиш тавсия этилади. Шунингдек, жамоат жойларида эшик тутқичлари ва умумий фойдаланиладиган буюмларни ушлагандан кейин ҳам қўлларни совунлаб ювиш мақсадга мувофиқ.
- Тоза сув ичиш. Иссиқ кунлари организм жуда кўп суюқлик талаб қилади. Бундай пайтда, албатта, тоза ва хавфсиз ичимликлар истеъмол қилиш керак. Айниқса, қайнатилган ёки фильтрланган тоза сув ичиш танада суюқлик балансини ушлашга ёрдам беради.
- Уй ва иш жойида гигиена. Иссиқ кунларда уйларни тозалаш, намликни назорат қилиш ва ҳавони алмаштириб туриш жуда муҳим. Эшик тутқичлари, стол ва бошқа тез ифлосланадиган жойларни дезинфекция воситалари билан тозалаш турли касалликларга чалинишнинг олдини олади.
Бундан ташқари, иш жойида шахсий озодаликка риоя қилиш, иш қуролларини доимий тоза сақлаш, хона ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш, кондиционер ва вентиляторлардан тўғри фойдаланиш саломатликни сақлашда жуда муҳим.