Самарқандда ИИБ ходими қўлида боласи бор бўлган ҳомиладор аёл ва фуқарога қўл кўтарди

Ижтимоий тармоқларда ИИО ходими фуқароларга куч ишлатгани акс этган видео тарқалди. 

Ҳодиса жорий йилнинг 9 июнь куни Самарқанд шаҳар Даҳбет кўчасида содир бўлган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ хабар берди. 

Шу куни жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тунги хизматга жалб қилинган Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ профилактика инспектори С.Эшонқулов соат 22:00 ларда йўлнинг қатнов қисмида фуқаролар жанжал қилаётганлигини кўради. Уларни 6-сон ИИБга олиб бориб,  содир этган қилмишини расмийлаштириши давомида, профилактика инспектори ва ушбу шахслар ўртасида келишмовчилик юзага келган.

Жараёнда профилактика инспектори икки нафар фуқароларга нисбатан (улардан бири аёл) амалдаги қонунчиликка зид равишда жисмоний куч ишлатган.

Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, профилактика инспектори С.Эшонқулов ички ишлар органлари сафидан бўшатилган.

Тўпланган ҳужжатлар иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.