Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов 2024/2025-ўқув йили учун ОТМларга кириш тест синовлари юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг, 1-25-июл кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28-июл кунлари тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур тадбирлар бўйича вазирлик, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда олийгоҳлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ижодий имтиҳон ва тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг, 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб, 5 тагача олийгоҳ (йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини, ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун эса қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича яна шунча олийгоҳни танлаш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, абитуриентлар ижодий имтиҳонда тўплаган балини ўша куннинг ўзида, тестда тўплаган балини эртасига билиши мумкин бўлади.