Қорақалпоғистонда “машиналар жанги”ни уюштирганлар “сомонхонага”ча етиб келишди

Қорақалпоғистонда куёв қаллиғининг уйига биринчи бўлиб етиб келган машинага 200 доллар мукофот ваъда қилди. Оқибатда тўй кортежи иштирокчилари – куёвжўралар ҳақиқий “машиналар жанги”ни уюштиришди.

Ижтимоий тармоқларда автомобилларнинг қоидасиз “муштлашув”лари акс этган видео тарқалди. Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, воқеа 12 июн куни содир бўлган. Нукусдан Кегейли ҳудудига тўққиз машинадан иборат карвон йўлга тушган, йўлда куёвнинг дўстлари ваъда қилинган соврин учун ҳақиқий автокураш уюштиришган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезкор-тергов ишлари олиб борилиб, ҳайдовчиларнинг шахси аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, пойгада иштирок этган барча автомашиналар жарима майдонига жойлаштирилган. Иш жиноят ишлари бўйича судга ўтказилиши режалаштирилган.

Автоҳалокатга учраган “Mercedes-Benz”, “Malibu” ва бир нечта “Gentra” русумли автомобилларни бошқарган шоввозлар қонун олдида жавоб беришдан ташқари, яхшигина жарима тўлайди. Автомобилини таъмирлаш учун эса, 200 доллардан анчагина кўпроқ пул сарфлаши аниқ.

Шуни айтсалар керакда, “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деб.