Тошкентнинг қайси туманларида ижара уй нархи арзонроқ?

Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозори кетма-кет иккинчи ой ижобий динамикани кўрсатмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Ижобий тенденция

Марказ тақдим этган маълумотларга кўра, апрель ойида сотувлар 11 фоизга, май ойида эса 9 фоизга ошган.

Бир оз секинлашувга қарамай, ижобий тенденциянинг давом этиши ушбу сегментдаги истеъмолчилар фаоллигининг барқарор жонланаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, уй-жой ижараси бозори барқарорлашди. Иккиламчи уй-жой кўчмас мулк бозоридаги нархлар ўртача даражада ошди ва йиллик ўсиш 10 фоиздан ортиқни кўрсатди, бу иқтисодиётдаги умумий инфляция даражасига яқин.

Умуман олганда, ойнинг охирида кўчмас мулк бозорининг таҳлили қисқа муддатда ижобий динамикани кўрсатади. Май ойида 21,6 мингта уй-жой сотилди, бу ўтган ойга нисбатан 9 фоизга юқори.

Ўтган йилнинг май ойига нисбатан уй-жой бозоридаги фаоллик 15,2 фоизга камайди. Икки ойлик ўсишга қарамай, жорий фаоллик даражаси ҳали ҳам бир йил олдинги даражадан паст бўлиб қолмоқда, бу эса талабни чекловчи доимий омилларни кўрсатмоқда, — дейилади марказ ахборотида.

Ҳудудий уй-жой бозоридаги вазият

Ҳудудий маълумотлардан кўриниб турибдики, уй-жой савдосининг энг катта ўсиши:

Самарқанд вилоятида — 21 фоиз,
Андижон вилоятида — 19,3 фоиз
Наманган вилоятида — 15 фоиз.

Тошкентдаги уй-жой ижараси бозоридаги вазият

Май ойида уй-жой ижара бозори апрель ойидаги пасайишга нисбатан мўътадиллашди. Апрель ойи билан таққослаганда пойтахтнинг аксарият туманларида сезиларли ўсиш қайд этилмади, ўсиш атиги 1,2 фоизни кўрсатган. Тошкентда уй-жой ижара нархи бир квадрат метр учун 8,4 долларни ташкил этган.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи ҳамон юқорилигича қолмоқда, ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,5 долларни кўрсатмоқда.

Бошқа туманларга нисбатан арзон уй-жой ижара нархлари Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида сақланиб қолмоқда.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг май ойига нисбатан пойтахт ижара бозори 6,7 фоизга қисқарган.

Тошкентнинг қайси туманларида ижара уй нархи арзонроқ?

Республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари май ойида 1,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 10,3 фоизга ошган, бу инфляция кўрсаткичларига яқин.

Ойлик динамикасининг бир оз юмшатилишига қарамай, иккиламчи уй-жой нархларининг узоқ муддатли ўсиш тенденцияси давом этмоқда.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши қайд этилган ҳудудлар:

Бухоро,
Қашқадарё,
Тошкент,
Хоразм вилоятлари бўлиб, уларда нархлар ўртача 18,7 фоизга ошган.