Шавкат МирзиёевЎзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити байрами билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Сиз, азизларни, бутун халқимизни тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларидан тобора обод ва мунаввар бўлаётган юртимизга кириб келган Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу саодатли дамларда барчамиз бу улуғ айёмнинг руҳи ва шукуҳини чуқур ҳис этиб, эл-юртимиз билан биргаликда шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз», — дейилади табрикда.

Президент Ўзбекистон халқи ҳаётида эзгулик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик рамзи сифатида мустаҳкам қарор топган Қурбон ҳайити Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятли бўлиб бораётганини таъкидлади.

«Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртимиз мусулмонлари ҳаж амалларини бажардилар. Шу кунларда яна 15 минг нафар ватандошимиз икки муқаддас шаҳар — Макка ва Мадина зиёратига бориб, ўзларининг эзгу орзуларини амалга оширмоқдалар. Пок ниятлар ижобат бўладиган мана шундай илоҳий лаҳзаларда уларнинг барчасига чин дилдан ҳаж ибодатларини тўлиқ адо этиб, юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини тилаймиз», — дейилади давлат раҳбари табригида.

Байрам табригида президент Макка шаҳрида бўлиб турган Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназар билан телефондаги мулоқотини ҳам эслаб ўтган.

«Ҳайит байрами арафасида Маккаи мукаррамада бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, ҳурматли муфтийимиз шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали бўлган мулоқотимизда юртдошларимизнинг муқаддас ҳаж ибодатини мукаммал адо этишлари учун барча шароитлар яратилганини у киши алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Умид қиламизки, ҳожиларимиз Ватанимизга қайтгач, жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ҳамда оилалар тотувлигини кучайтиришда ибрат ва намуна кўрсатадилар», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.