Бир ойда 15 киши крипто-активлар савдоси сабаб қамалди

Ўзбекистонда 1 ойда 15 киши крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқбузарларнинг барчаси судда қилган иши ноқонуний эканини билмаганини маълум қилган. Жавобгарликка тортилганларнинг 12 нафарига маъмурий қамоқ, 3 нафарига жарима жазоси тайинланган.

Аввалроқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ва майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилганди.

Олий суднинг интерактив хизматлари порталига кўра, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун биринчи иш 2024 йил 14 май куни кўрилган. Унда 29 ёшли йигит “Binance” платформаси орқали ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, жами 125 маротаба крипто-активларни сотиб олиш, ўзга шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширгани аниқланиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ўтган 1 ойда республикада жами 15 киши крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун жавобгарликка тортилган. Уларнинг 3 нафарига жарима (иккитасига 6,8 млн сўмдан, биттасига 3,4 млн сўм) ва 12 нафарига маъмурий қамоқ (бештаси 10 сутка, иккитаси 5 сутка ҳамда бештаси 3 сутка) жазоси берилган. Жавобгарликка тортилганларнинг 5 нафари 20 ёшга ҳам тўлмаган ўсмирлардир.

1 ойда жавобгарликка тортилган 15 йигитнинг 9 нафари “Binance” платформаси орқали крипто-активларни сотиб олиш ва ўзга шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширган. “Binance” крипто-биржа Ўзбекистонда бу фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олмаган. Шу сабабли, ундан крипто-актив сотиб олиш ноқонуний ҳисобланади.